Пойтахт ҳокимлиги: озиқ-овқат танқислиги бўлмайди

Маълумки, 30 мартдан Тошкент шаҳрига фақат махсус рухсатномага эга машиналар кириб чиқиши ва ҳаракатланишига рухсат берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 30 мартдан пойтахтга фақат махсус рухсатномага эга машиналар кириб чиқиши ва ҳаракатланиш туфайли озиқ-овқат танқислиги юзага келмаслигини маълум қилди.

Таъкидланишича, кўрилган чора бу пойтахтга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилмайди дегани эмас.

"Бугун шаҳримизнинг кўплаб бозорлари ва дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига навбат кузатилди. Бу эса карантин талабларига зиддир. Шу сабаб аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотлар билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида шахсий автомобилларда ҳаракатланиш чекланди. Ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб қилинади. Мазкур рухсатномалар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситаларига тақдим этилади.