Коронавирус туфайли ўлган онахоннинг дафн маросимида қариндошлари иштирок эта олмади

Ҳозирда аёлнинг барча қариндошлари карантинга олинган. Уларнинг биронтаси 72 яшар онахоннинг дафн маросимида иштирок эта олмайди. Онахонни санитария-эпидемиология назорати ходимлари дафн этишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 мар - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус туфайли вафот этган аёл ҳақида янги тафсилотлар эълон қилинди.

Тошкент коронавирусга қарши курашаётганларни флешмоб билан олқишлади

Наманган вилояти ҳокими маҳаллий телевидения орқали чиқиши вақтида вилоятдаги коронавирус бўйича аҳвол ҳамда коронавирусга чалинган 72 ёшли аёл ўлими ҳақида батафсил тўхталган.

"Вилоятимизда коронавирусга чалинганлар сони олтитани ташкил қилмоқда, - деди афсус билан Хайрулла Назаров. - Туркия давлатидан, Саудия Арабистонидан Умра Ҳажини амалга ошириб келган фуқароларимизни текшириш жараёнида битта оиладан 5 киши, яна бир оиладан бир кишида - жами олти кишида ушбу касаллик аломатлари аниқланди. Уларнинг бир нафари - 72 ёшли онахонимиз ушбу вирус натижасида оламдан ўтдилар".

Маълум бўлишича, ушбу онахоннинг қизи Саудия Арабистонига Умра сафарига Туркия орқали борган ва у ердан 12 март куни қайтиб келган. Анъанага кўра, Умра ёки Ҳаж сафаридан қайтган кишини яқин қариндошлари ва оила аъзолари келиб кўради. Ҳокимнинг айтишича, аёл 231 нафар киши билан мулоқотда бўлган.

Натижада, ушбу оиланинг беш нафар аъзоси, шу жумладан, Саудия Арабистонига борган аёлнинг ўзи ҳам, коронавирусга чалинган. Улар орасида вафот этган онахон, опаси, қизи (мактаб ўқувчиси) ва набираси бор. Ҳозирда бошқа қариндошлар текширилмоқда.

Коронавирусдан вафот этган киши қай тарзда дафн этилади - Фатво ҳайъати

Ўзбекистон Ҳукумати 24 февраль санасидан Саудия Арабистонига боришни вақтинча тақиқлаган эди.

Ҳозирда аёлнинг барча қариндошлари карантинга олинган. Уларнинг биронтаси 72 яшар онахоннинг дафн маросимида иштирок эта олмайди. Онахонни санитария-эпидемиология назорати ходимлари дафн этишди.

"Мана сизга натижа. Биринчидан, касалликнинг юқиши, иккинчидан ўлим ҳолати, учинчидан, онахонни сўнгги манзилга унинг оила аъзолари кузатмагани. Мен ўйлайманки, бу Наманган аҳолисига жуда қаттиқ таъсир қилди. Шахсан менга бу жуда қаттиқ таъсир қилди", - деди ҳоким.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 104 кишини ташкил қилмоқда, уларнинг 2 нафари вафот этган.