Чин юракдан: Ўзбекистон халқи COVID-19га қарши курашаётганларга миннатдорлик билдирди

Ўзбекистонда 27 март куни кунни кун, тунни тун демай, ҳатто овқатланишни ҳам унутиб, коронавирус инфекциясига қарши курашаётганларни қўллаб-қувватлаш ва уларга миннатдорлик рамзи сифатида оммавий флешмоб ўтказилди.
Sputnik

Ўзбекистонликлар 22.00да ўз балконларига чиқиб, баъзилари деразаларини очган ҳолда чапак чалганча - шифокорлар, ИИВ ходимлари ва ҳарбийларга - яъни коронавирусга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатаётган инсонларни олқишладилар.

Мамлакатда ҳозирда карантин тартиби жорий этилган. Фуқаролар фақат озиқ-овқат ёки дори воситаларини харид қилиш учунгина уйни тарк эта олади. Кўчага фақат ҳимоя ниқобларида чиқиш мумкин.

28 март куни эрталаб мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича 104та ҳолат қайд этилган, икки бемор вафот этган.

Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 509 мингдан ошиб кетди, 23 мингдан зиёд беморлар вафот этган.