ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистон фуқароларининг Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилиши номаълум муддатга қолдирилган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг март-ойларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларнинг Корея Республикасига юборилиши режалаштирган, бунинг учун Корея Республикаси иш берувчилари томонидан шартнома лойиҳалари ва виза тасдиқномалари берилган.
Аммо коронавирус инфекциясининг кириб келганлиги боис Ўзбекистон ҳудудида карантин эълон қилинган ва ҳукумат Махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги халқаро авиа, темир йўл ва автобус алоқалари, чегара ўтказиш пунктларида ҳаракат тақиқланган.
Айнан шунинг учун шартнома лойиҳалари келган Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикасига меҳнат фаолиятини олиб бориш учун юборилиши номаълум муддатга қолдирилган.
Эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашиши билан Ўзбекистон фуқаролари Корея Республикасига юборилиши Агентлик ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан назоратга олинган.