ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. 2020 йил 27 март куни соат 06:00дан бошлаб, Самарқанд шаҳрига барча ҳудудлардан кириш ҳар қандай транспорт воситалари учун тўхтатилади. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда, шунингдек, Самарқанд шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, Самарқанд шаҳрида жойлашган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини олиб бораётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Шу билан бир қаторда, 27 март куни соат 06:00дан бошлаб Самарқанд шаҳри ҳудудида трамвай ва автобуслар ҳаракати тўхтатилади.
Эслатиб ўтамиз, карантин туфайли Тошкент ва Наманган шаҳарларига кириш ва чиқиш тақиқлангани хабар қилинган эди.