Москва-Бухоро рейсининг 10 нафар йўловчиси шифохонага жойлаштирилди

Москвадан 249 нафар ўзбекистонлик олиб келинди. Уларнинг 10 нафарида кўнгил айниши ва ўзларини ҳолсиз сезиш ҳолатлари кузатилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. 25 март куни Россиядан 604-сонли рейс билан Москва-Бухоро йўналишида учиб келган ва самолёт бортида 249 нафар мамлакат фуқаролари авиарейс қабул қилинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, вилоятда мамлакат фуқаролари фавқулодда ҳолатдан келиб чиққан ҳолда карантин тартиб-қоидалари асосида кутиб олинган.

“Фуқароларнинг 10 нафарида кўнгил айниши ва ўзларини ҳолсиз сезиш ҳолатлари кузатилганлиги боис зудлик билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган”, - дейилган хабарда.

Қолган йўловчиларнинг ҳар бирига нисбатан тиббий-профилактик нуқтаи назаридан қаттиқ назорат ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, 24 март куни вилоятга учиб келган Москва-Бухоро рейсининг тўрт йўловчиси юқори ҳарорат билан шифоxонага олиб кетилгани хабар қилинган эди.