Ўзбекистон коронавирусни аниқлайдиган ўзининг тест тизимини ишлаб чиқди

Илғор технологиялар марказининг биотехнологлари ишлаб чиққан ушбу тест тизимининг афзаллиги унинг тезкорлигидадир.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Ўзбек олимлари COVID-19 коронавирусини аниқлаш бўйича тест тизимини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар қилди.

Илғор технологиялар марказининг биотехнологлари ўз ишларини инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг топшириғига биноан бир ой олдин бошлашган эди.

“Тест системаси COVID-19 вируси геномининг уч участкасининг ПЦР усулидаги таҳлилга асосланган ва бу ўзбек олимлари томонидан ишлаб чиқилган тест системасининг хусусияти бўлиб, ҳозирги кунда хизматларимиздаги мавжуд бўлган тестлар фақат бир участка таҳлилига асосланган”, - дейилган хабарда.

Ўзбекистон коронавирусни аниқлайдиган ўзининг тест тизимини ишлаб чиқди

Таъкидланишича, тест ЖССТ ҳамда Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.

“ЖССТ тавсияларига кўра, биринчи навбатда коронавирус тести асосий синов сифатида амалга оширилади ва кейин уни тасдиқлаш учун COVID-19 геномининг яна иккита қисмида тест ўтказилиши керак. Якуний босқич аниқланган штаммни тартиблашдан иборат, бу вируснинг мутация даражасини аниқлаш учун муҳимдир, чунки бошқа тез тарқаладиган вируслар туфайли COVID-19 вируси мутацияларга учрайди”, - дейди ишлаб чиқарувчилардан бири, биология фанлари доктори Алишер Абдуллаев

Кейинги босқичда тест тизимини рўйхатдан ўтказиш керак. Ундан кейин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин бўлади.

“Бизнинг марказимиз диагностика тест системаларини ишлаб чиқариш учун махсус участкасига эга. У ерда бизнинг стартапчиларимиздан бири —“Биотестлаб“ жамоаси ишлайди. Стартап ёш, лекин биз бундай ишлаб чиқаришда тажрибага эгамиз”, - дейди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова.

Ушбу тест тизимлардан қандай фойдаланилади?

Касалликка ташхис қўйиш учун инсон димоғидан намуна олинади, негаки айнан унда катта қисмда вирус тўпланади.

Сўнгра вирус РНКси олинади, ДНК шаклига ўтказилади ва ПЦР таҳлили амалга оширилади — бутун жараён тахминан 5-6 соат вақтни олади.

Олимларнинг таъкидлашича, бу экспресс тест эмас, балки фақат махсус лабораторияларда фойдаланиш мумкин бўлган тўлақонли тест бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 55 нафарга етган.