Энди 10 йилгача: карантин қоидасини бузганлик учун жазо кучайтирилди

Сенатда карантин қоидаларига риоя этмаслик учун жазо чораларини кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Сенат ялпи мажлисида карантин қоидаларига риоя этмаслик учун жазо чораларини кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев маълум қилди.

Эндиликда карантин қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори фуқаролар учун — 6 690 000 сўмгача, мансабдор шахслар учун — 11 150 000 сўмгача оширилди.

Қайд этилишича, жиноий жазо ҳам кучайтирилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Шунингдек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, аҳоли орасида ваҳима чиқариш учун ҳам — жиноий жавобгарлик белгиланди.

Қаршида карантин қоидаларини бузган бир неча киши жавобгарликка тортилди

Эркин Йўлдошевнинг маълум қилишича, 15 мартдан шу кунга қадар карантинда бўлиш қоидаларини бузган 90 нафар фуқаро аниқланиб, 87 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. Яна 3 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди. Жиноят кодексига янги модда киритилиб, ушбу қоидабузарлик учун қаттиқ жазо қўлланилади.