Қозоғистонда ёшлар тўйни онлайн ўтказди

Нур-Султон шаҳридаги карантин икки ёшнинг оила қуришига халақит қилди. Бироқ ёшлар тўйни онлайн ўтказишга қарор қилишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Нур-Султон шаҳридаги карантин икки ёшнинг оила қуришига халақит қилди. Азамат ва Асел 22 март куни турмуш қуришлари керак эди.

Базмни бекор қилишга тўғри келди, бироқ шариат бўйича никоҳдан ўтишди. Имомни таклиф қилиб, уйда яқинларининг тор доирасида оила қуришди.

Қозоғистонда ёшлар тўйни онлайн ўтказди

Келиннинг ота-онаси Арис шаҳрида яшайди. Тўй пайтида ёш келин-куёв улар ва бошқа қариндошлари билан видеоқўнғироқ орқали алоқада бўлишди.

Шунингдек, самимий қутловларни ижтимоий тармоқдаги гуруҳда чат орқали қабул қилишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 23 мартдан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинди. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлар билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади. Куни кеча Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “шундай қалтис вазиятда тўй ўтказиш қаҳрамонлик эмас, балки жиноятдир” деган фикрни билдирган эди.