Онлайн концерт ва ёстиқлар жанги: санъаткорлар карантинни қандай ўтказмоқда?

Одатда мухлислар диққат марказида бўладиган санъаткорлар бугун карантинда нима билан машғул? Бу ҳақда Sputnik репортажини ўқинг
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 мар - Sputnik. Коронавирус ҳамманинг ҳаётини ўзгартириб юборди, аммо ҳеч ким унга таслим бўлмоқчи эмас. Жамоатчилик тўпланадиган жойлар ёпиқ, деб эълон қилингани билан, ўзбек санъаткорлари ишсиз ўтирмагани маълум бўлди: кимдир репетиция қилиб, мухлислар учун онлайн концертлар қўяётган бўлса, кимдир бекорчиликда ёстиқлар жангини ўтказмоқда. 

ДЖ Пилигримдан янги тарона премьераси

— Айни дамда уйда, ижод билан бандман. "Ман дайди" номли янги ёзилган қўшиғимнинг премьерасини ҳам жонли эфирда ўтказмоқчиман. Умуман, карантинда санитария-гигиеник қоидаларига эътибор бериб, ўзимнинг одатий ҳаётимда яшаяпман. Деярли кўчага чиқмаяпман, тоза ҳавода табиат қўйнида сайр қилиб келяпман, холос. Мухлисларга эса ваҳимага берилмасдан ҳотиржам бўлишни, вақтларини хурсандчилик билан ўтказишларини маслаҳат бераман.

Райҳон янги қўшиқлар устида ишлаяпти

— Кўпчилик билади, яқинда яккахон концерт дастуримни тақдим этдим. Шу боис, бугун ҳеч қаерга чиқмасдан, уйда болаларим билан бирга ҳордиқ чиқараяпман. Бўш вақтимда ижод билан шуғулланиб, янги қўшиқлар ғояси билан танишиб турибман. Ҳаммага бир гапни такрорлаяпман, мухлисларга ҳам шуни айтмоқчи эдим: ортиқча ҳавотирга берилмасдан, сабр қилиб, ўзларини эҳтиёт қилиб юришларини... Ҳаммаси ўтиб кетади, ҳаммаси яхши бўлади.

Озода Нурсаидова спорт билан машғул

— Уйда ижод билан шуғулланяпман. Кўпроқ вақтим тадбир, тўй ва теледастурларда ўтаётганлиги боис, оила даврасида камроқ бўлаётгандим. Мана энди имконият бўлди, уйда ўтириб, ҳамма бажарилмай қолган ишларимни битириб, ўз устимда ишлаяпман. Вазн тўпламаслик учун уйда спорт билан шуғулланяпман. Мухлисларга эса қўрқмасликларини, иммунитетларини кўтариб, шамоллаб қолмасликка ҳаракат қилишларини тавсия қиламан.