ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Италияга Россия шифокорлари ва дезинфекция станциялари ортилган охирги иккита самолёт етиб келди, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги.
Италия коронавирус тарқалиши бўйича Европада биринчи ўринда ва яқинда қурбонлар сони бўйича Хитойни ортда қолдирди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Италиянинг Апеннинида 60 минг киши вирусга чалингани қайд этилди, 5,4 минг киши вафот қилди.
“Россия ҳаво-космик кучларининг саккизинчи ва тўққизинчи Ил-76 ҳарбий-транспорт самолётлари Италиянинг “Пратик де Маре” авиабазасига (Римдан 30 км жануби-ғарбда) қўнди. Самолётлар мамлакатга россиялик ҳарбий мутахассислар ва дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун кўчма станцияларини етказди”, - дейилган хабарда.
Ўтган шанба куни Россия президенти Владимир Путин Италия бош вазири Жузеппе Конте билан телефон орқали суҳбатда коронавирусга қарши курашда зудлик билан ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди ва аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Кейинчалик Россия Мудофаа вазирлиги 8 та мобил ҳарбий вирусолог ва шифокорлар гуруҳлари, аэрозол дезинфекциялаш мажмуалари ва тиббий жиҳозларини Апеннинига юборилишини маълум қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 янги коронавирус пандемияси ҳақида эълон қилганди. Дунё бўйлаб 292 минг киши вирусга чалинган, 12 минг киши вафот қилди.