Новосибирск аэропортида қолиб кетган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келинди

Новосибирск аэропортида қолиб кетган 253 нафар фуқаро Ўзбекистон ҳаво йўлларининг махсус чартер парвози билан ватанига олиб келинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 мар - Sputnik. Кеча 22-март куни Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси Новосибирск шаҳрининг "Толмачево" аэропортидан Тошкентга 253 нафар йўловчини чартер парвози билан олиб келди, деб хабар қилмоқда компания матбуот хизмати.

ТИВ раҳбари маслаҳатчиси хориждаги фуқароларни қийнаётган саволларга жавоб берди

Йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ушбу парвоз Ташқи ишлар, Транспорт вазирликлари мутасаддилари ҳамда чартер қатновлар бўйича махсус комиссия кўмагида амалга оширилган.   

Эслатиб ўтамиз, 19 март куни Россияда халқаро парвозлар чекланиши муносабати билан Москванинг Шереметьево ҳамда Новосибирскнинг Толмачево аэропортларида бир гуруҳ ўзбекистонлик йўловчилар қолиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

ТИВ хабарига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон элчихоналарда ташкил этилган оператив штабларга 5852 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳамда 2820 нафар чет эл фуқаролари ватанга қайтишни сўраб мурожаат қилишган. Айни дамда Турли йўналишларда 19 та чартер рейслари, Россия, Туркия ва Кореядан мунтазам чартер рейсларини ташкиллаштириш бўйича келишувга эришилган.