Чехия ССВ коронавирусни даволашда ёрдам берадиган дори номини айтди

Адам Войтех янги коронавирусни келтириб чиқарадиган COVID-19 касаллигига қарши курашда қайси препарат ёрдам бериши мумкинлигини айтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 мар - Sputnik. Чехия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Адам Войтех янги коронавирусни келтириб чиқарадиган COVID-19 касаллигига қарши курашда Plaquenil препарати ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Якшанба куни мамлакатнинг инқироз штабининг раҳбари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг ўринбосари Роман Примула Чехия телевидениесида вирусни юқтирилган одамнинг танасидан чиқарилиш вақтини камайтирадиган дори мавжудлиги ҳақида хабар берди, аммо у ушбу дори номини ошкор қилмади.

“Мавжуд илмий маълумотларга кўра, Plaquenil препарати COVID-19 касаллигини даволашда самарали бўлиши мумкин деб ҳисобланади, шунинг учун унинг етишмовчилигини олдини олиш керак”, - деди Войтех.

Вазирнинг сўзларига кўра, вазирлик аллергология, клиник иммунология, дерматовенерология ва ревматология соҳасидаги мутахассислар ҳамда инфектологлардан ташқари барча шифокорларга Plaquenil буюришни тақиқлади.

Коронавирусга қарши қайси рецептга ишонса бўлади - эксперт жавоби

Агар рецептда беморнинг ташхиси ва шифокорнинг ихтисослиги кўрсатилмаган бўлса, дорихоналарга дори бериш тақиқланади. Препарат икки ойдан ортиқ муддатга буюрилмаслиги лозим.

Plaquenil препарати Франциянинг Sanofi Aventis компанияси томонидан безгакка қарши восита сифатида ишлаб чиқарилади.

Якшанба куни Япония “Фавипиравир” ва “Фавилавир” деб ҳам номланувчи “Авиган” препаратини янги коронавирус инфекцияси туфайли келиб чиққан пневмонияни даволаш учун истиқболли восита сифатида клиник синовларини бошлаганлиги маълум бўлди.

Бир неча кун олдин, АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатда ҳозирда коронавирус билан курашиш учун гидроксихлорохин препарати синовдан ўтказилаётганини айтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни янги COVID-19 коронавирусли инфекцияси авж олишини пандемия деб эълон қилди. Дунёда 340 мингдан ортиқ одам юқтириб олди, 14,7 мингдан ортиқ одам вафот этди. Яна 97 мингдан зиёд киши тузалиб кетди. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 23 март ҳолатига кўра 46 кишини ташкил қилмоқда.