Вирус оламни ўзгартира оладими?

Албатта, одамлар унчалар содда эмас, бир кунмас бир кун унинг келишини сезишарди, лекин мана шундай, тўсатдан, ҳар бир хонадоннинг эшиги тагига келиб қолишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган.
Sputnik

Яқингинада ўзбекистонликлар коронавирус ҳақида қайлардадир, олис юртлардаги, бегона, узоқ нарсадай гапираётганди. Бирдан вирус ҳамманинг деярли уйига бўйлагандай бўлди – остонада пайдо бўлиб қолди. Албатта, одамлар унчалар содда эмас, бир кунмас бир кун унинг келишини сезишарди, лекин мана шундай, тўсатдан, ҳар бир хонадоннинг эшиги тагига келиб қолишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган.

Туризм сектори пандемиядан сўнг қачон тикланади - эксперт фикри

Ўзбекистон, бутун дунёдаги каби, коронавирус сабабли мисли кўрилмаган чораларни кўллашга мажбур бўлмоқда: тўйлар тўхтатилди  (бу ерда тўйлар тўхтатилганини ҳеч ким эслолмайди); ресторан, чойхоналар, ошхоналар ишламаяпти (уйга элтиб бериш хизматидан ташқари); барча турдаги таълим муассасаларининг фаолияти вақтинча таътилда; диний муассасалар диндорларни қабул қилмаяпти.

Жамоа бўлиб яшашни ёқтирадиган миллат учун бу чоралар қанчалар оғир бўлмасин, ҳозирги шароитда шунчалар зарур.

Коронавирус одамларнинг сабрини, интизомини, садоқатини синамоқда.

Тан олиш керак, инсонлар анчайин эркинликка, ҳақ-ҳуқуқларининг устунлигига, уларни ҳеч ким бузишга ҳақли эмаслигига ўрганиб қолган экан. Инсон ҳуқуқларининг устувор қадрият саналиши, кишиларни бир қадар эгоистга айлантириб қўяркан.

Ғарб фалсафаси ва психологияси орқали кириб келган янгича дунёқараш – индивидуализм ҳали фуқаро онгига тўлиқ ўрнашиб олишга, ҳаёт тарзига айланишга улгурмаган бўлса-да, чекловларни амалга ошириш жараёнида бу ҳолат жамиятда муқим ўрнаша бошлаганини кўрсатди.

Лукашенко коронавирус, ароқ ва Жириновский ҳақида латифа айтиб, кулдирди

Фуқаро "менинг ҳуқуқим муқаддас экан, ўзим ҳам муқаддасман, истакларим ҳам муқаддас", деган тушунчага кўникиб, ўрганиб бораётган эди. Бирдан уни, чет элдан келиши билан, олиб, санаторияга элтиб қўйишди, уйларидан чиқмасликни тайинлашди. Айримлар ўз ҳуқуқини бунчалар чекланишини эсдан ҳам чиқариб улгурган экан, чамаси, ижтимоий тармоқларда бир-икки норозиликлар ҳақида гап-сўзлар бўлди.

Хавф бутун миллат, балки инсониятга таҳдид қилаётганда эгоистик қарашлар, якка шахснинг шу пайтгача қадрланган ҳуқуқлари чекланиши одатий ҳоллигини айримлар тушунмаяпти, чамаси.

Албатта, Европадагичалик эмас. Бу ерда жамоат кайфияти ҳали ҳам юқори, инсон нафақат ўзи, балки атрофидагилари учун ҳам масъул ва жавобгарлигини тўлиқ унутиб улгуришмаган. Шундан чекловларни, ҳатто, хайрихоҳлик  билан қабул қилишмоқда.

Бозорларда дастлабки кунларда юзага келган ваҳима ҳам секин-аста ўз ҳолига тушди, ҳатто, ошхоналар, чойхоналар ресторанларнинг ёпилиши, тўйлар чекланиши муносабати билан айрим озиқ-овқатларнинг арзонлашиши ҳам кўзга ташланмоқда.

Бу "ҳаммаси зўр, вирус ҳаётимизни изга солишда қўл келяпти", дегани эмас. Кулфат одамларни бирлаштирмоқда, холос. Жисмонан эмас, албатта. Руҳан!

Россиялик олимлар коронавируснинг тўлиқ геномини расшифровка қилишди

Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлга масала: имкон қадар ҳамма бир биридан жисмонан узоқлашиш ва имкон қадар руҳан бирлашиш!

Коронавирус кўрсатдики, курраи замин биз ўйлаганчалик улкан эмас; ўзимиз ўйлаганчалик, ҳеч ким чеккада ва ёлғиз қолиб кетмаган ҳам экан. Ҳаммамиз, ким қайда бўлишидан қатъий назар, кўринмайдиган, сезилмайдиган занжирнинг ҳалқалари эканмиз.

Яхши кунларда бу риштани илғамай қўйганмиз, чамаси.

Бундан кейин одамларнинг дунёга, ер куррасига ва ўзига муносабати ўзгарса керак – ҳаммамиз, ҳеч ким портига қабул қилишни истамаётган битта кемада кетаётган эканмиз, ўзимиз бехабар.