Хоразмда Халқаро физика-математика мактаб-интернати ташкил этилди

Мактабда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар билан бирга чет тиллари чуқур ўргатилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Жорий йилнинг 19 март куни 171 сонли Ҳукумат қарори билан Хоразмда “Ал-Хоразмий” номли Халқаро физика-математика мактаб-интернати ташкил этилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди.

Мактаб Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилида жойлашган 1-сон ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати негизида ташкил этилди.

Қарорга мувофиқ, халқаро мактабда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тиллари чуқур ўқитилади.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Хориж фуқароси бўлган иқтидорли  ўқувчилар эса шартнома асосида таълим олиб, мактабда хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурлари татбиқ этилади, хорижий мамлакатлардан ўқитувчилар ишга қабул қилинади.

Халқаро мактаб барча зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ўқувчилар учун 20 ўринли турар жой биноси қурилади.