ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Коронавирус инфекцияси билан битта ҳолат Хоразм вилоятида қайд этилган. Бу ҳақда Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов онлайн брифинг давомида маълум қилди.
Баҳром Алматовнинг эфирдан сўнг маълум қилишича, Хоразмдаги беморда дастлабки текширув натижалари у коронавирусга чалинганини кўрсатган ва коронавирус беморлари рўйхатига киритилган.
Такрорий текширувда, бошқа тест текшируви натижасида эса унда коронавирус тасдиқланмаган. Айни вақтда у карантинда сақланмоқда.
Алматов брифинг давомида Тошкент шаҳрида пропискаси бўлмаган фуқароларга қаерда ёрдам кўрсатилишига ойдинлик киритди.
Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси доимий пропискасидан қатъи назар зарурат туғилганда энг яқин даволаш муассасига мурожаат қилса, биринчи ёрдам кўрсатилади. Агар коронавирусга чалинганлик ҳолати ташхиси қўйилса, республикадаги барча даволаш муассаларида муолажа кўрсатилади.
Шунингдек, у ишлатилган ниқобларни қайта ишлатиш ёки ишлатилгандан кейин дезинфекция қилиб, яна ишлатиш мумкинми деган саволга жавоб берди.
Баҳром Алматовнинг таъкидлашича, ниқобларни тури ва сифатига қараб ишлатиш муддатлари белгиланган. Оддий ниқоблар уч-тўрт соат ишлатилиши керак. Узоқ муддатга 8-10 соатга чидайдиган ниқобларни ҳам ишлатиб бўлиб, чиқинди қутиларига ташлаш ва қайта ишлатмаслик лозим.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар сони 43 нафарни ташкил этмоқда.