Ўзбекистонда 23 мартдан тўйлар бекор қилинди

23 мартдан бошлаб "аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонунга мувофиқ мамлакат фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 мар - Sputnik. Ўзбекистонда 23 мартдан тўйлар бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси махсус қарори эълон қилинди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 33 нафарга етди

Таъкидланишича, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мамлакат ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва республика бўйлаб касалликни тарқалишини олдини олиш мақсадида, шунингдек мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинган.

"Қарорга кўра, 21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгил очар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно) караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.

Шунингдек, 23 мартдан бошлаб “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ мамлакатимиз фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлари билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади", - дейилади хабарда.

Мажлисда айни пайтда чет элларда бўлиб турган фуқароларни мамлакатимизга қисқа вақтлар ичида олиб келиш ва уларни белгиланган тартибда 14 кун карантинда сақлаш юзасидан кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинган.