Жума намози ўрнига уйда пешин ўқилади - Мусулмонлар идораси

Эпидемиологик вазият барқарорлашгунча, масжидларда йиғилмаслик, ибодатларни уйда адо этиб туришга қарор қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Шу кунларда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига “Жума намозини ўйда ўқисак бўладими?” – деган саволлар кўплаб келиб тушмоқда. Саволларга ЎМИнинг Уламолар кенгаши жавоб берди.  

Шу кунларда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, уламолари мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган.

Бунга етарлича асос борлигини ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосида ҳам жума намози ўрнига уйда пешин намози адо этилиши айтилган.

Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунча,  мусулмонлар жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқишлари мумкин. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этиш мақсадга мувофиқдир, - дейилган Уламолар Кенгаши хабарида.     

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъатининг фиқҳий манбалардан келтириб айтишича, жума намозига давлат бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан умумий рухсат бўлиши, уни одамларга давлат бошлиғи ёки муфтий томонидан тайинланган киши адо қилиб бериши керак.

Жума намози уйда ўқилганда эса мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди, дейилган хабарда.