Ўзбекистон элчихонаси Москва аэропортларида қолиб кетган фуқароларга мурожаат қилди

Москва шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси “Внуково” ва “Шереметево” аэропортларидаги вазият ҳақида баёнот берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Москва шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси “Внуково” ва “Шереметево” аэропортларидаги вазият ҳақида баёнот берди.

Айни пайтда Москва шаҳрининг “Внуково” ва “Шереметьево” халқаро аэропортларида икки мамлакат ўртасида ҳаво, автомобиль ва темир йўл алоқаси тўхтатилиши туфайли Ўзбекистонга парвоз қила олмаган Ўзбекистон фуқаролари мавжуд.

Элчихона томонидан “Внуково” аэропорти раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар натижасида ўзбекистонликларнинг вақтинча қолиши учун “B” терминали ажратилди.

Ўзбекистон элчихонаси Москва аэропортларида қолиб кетган фуқароларга мурожаат қилди

Бу ерда зарур шароитлар яратилган бўлиб, жумладан, тиббиёт пункти, ҳаммом ва ҳожатхоналар мавжуд, иссиқ овқат берилиши йўлга қўйилган, мебеллар (кресло, диванлар, стол ва стуллар) ўрнатилган.

Хабарда айтилишича, катор суҳбатларга қарамай, фуқаролар махсус белгиланган ҳудудга боришдан бош тортиб, ҳали ҳамон “Внуково” аэропортида рўйхатдан ўтиш нуқтасида қолмоқдалар.

“Шу ўринда юртдошларимиздан, мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, иложи борича тезроқ “В” терминалга ўтишларини сўраб қолар эдик.

Элчихона “Шереметьево” аэропортидаги вазиятни ҳам назорат остига олган ҳамда ҳозирда Россия ҳукумати билан бошқа давлатлардан Москвага транзит орқали учиб келган фуқароларимизни олиб чиқиш бўйича музокараларни олиб борамоқда. Ўзбек диаспораси вакиллари ва ҳомийлар билан биргаликда ўзбекистонликларни иссиқ овқат билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилмоқда.

Яна бир бор Россия ҳудудидаги ўзбекистонликларни хотиржамликка чорлаб, имкон қадар, эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилган ҳолда доимий/вақтинчалик яшаш жойини тарк етмасликларини сўраб қоламиз.

Эслатиб ўтамизки, 2020 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида  вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришлари мумкин. Бунинг учун улар ўзлари бўлган жойга энг яқин Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимига тегишли ариза билан мурожаат қилишлари жоиздир”, - дейилган хабарда.