Коронавирус иқтисодий оқибатларини бартараф этишга 10 триллион сўм ажаратилади - президент

Коронавирус туфайли юзага келган иқтисодий инқирозга қарши жамғарма тузилади ва унда 10 триллион сўм шакллантирилади. Ушбу маблағлар кредит қарзлари бўйича имтиёзлар беришга ишлатилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 мар - Sputnik. Кеча, 19 март куни Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.  

Йиғилишда коронавирус туфайли иқтисоднинг кўплаб соҳалари зарар кўраётганини ва бунга қарши тезкор чоралар кўрилиши мақсадида, биринчи навбатда кўрилиши керак бўлган чора-тадбирлар тўғрисида президент фармони қабул қилингани айтиб ўтилди.

Ҳужжатга кўра, Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилади. Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди. 

Ундан ташқари, 2020 йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди, - дейилган хабарда. 

Видеоселектор йиғилиши ҳақидаги тўлиқ хабар билан қуйида танишинг.