Ўзбекистонда янги газ кони топилди

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида жойлашган майдони 40,0 кв.км бўлган қудуқдан саноат миқёсида кунлик 157 минг куб метр газ оқими олинди - "Ўзбекнефтгаз" АЖ.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 мар - Sputnik. Қашқадарё вилояти ҳудудида олиб борилган геология қидирув ишлари самарали натижа берди деб хабар қилмоқда "Ўзбекнефтгаз" АЖ. 

Бухоро-Хива ҳудудида жойлашган “Ўртабулоқ” кони 1-излов қудуғи очиқ ўзанида (2849-2885 метр оралиғида) террегин-юра ётқизиқларининг XVIII қатламида синов ишлари олиб борилди. Натижада қудуқдан саноат миқёсида кунлик 157 минг куб метр газ оқими олинди. Таъкидлаш жоиз, “Ўртабулоқ” конидаги ушбу қатламдан биринчи бор углеводород оқими олинишидир.

"Ўртабулоқ" (террегин-юра) кони маъмурий жиҳатдан Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида жойлашган бўлиб, унинг майдони 40,0 кв.км.ни ташкил этади, - дейилган хабарда. 

"Ўзбекнефтгаз" АЖнинг 2020 йилга мўлжалланган "Углеводород хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш" дастури доирасида Республикамизнинг Устюрт, Бухоро-Хива ва Фарғона ҳудудларида геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.