Ўзбекистонда расман жаримани ўз вақтида тўлаганга чегирма белгиланди

Шавкат Мирзиёев имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс жарима солишнингг соддалаштирилган тартибини назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистонда ҳуқуқбузар 15 кун ичида жариманинг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Бу президент имзолаган қонун билан тўлдирилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс моддасида белгилаб қўйилган.

Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

Унга кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Соддалаштирилган тартиб қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:

- маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима солинганда;

- жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда;

-худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилганда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.