ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб хабар тарқатган, аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқарган 33 аккаунт аниқланган. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби маълум қилмоқда.
Ушбу аккаунтларнинг 25 таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8 таси эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли бўлиб, айни пайтда уларнинг шахси аниқланган. Ҳозирда ушбу фуқаролар билан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, бир оз аввал вирусга чалиниб, карантинда бўлганлар шахсларини ошкор қилган 2 нафар фуқаро ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар томонидан соҳта ва асоссиз маълумотларни тарқатаётган 13 нафар фуқароларнинг 9 нафари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган, 4 нафарининг хатти-ҳаракатлари юзасидан эса қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.