Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга қарамай, аҳоли ўртасида “бозорлар ёпиларкан, нарх-наво ошиб кетибди” каби асоссиз тарқатилаётган ваҳимали маълумотларга кўр-кўрона ишониш ҳолатлари юз бермоқда. Баъзи ижтимоий тармоқларда эса фуқароларнинг бозорларда саросима билан озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб қўяётганликлари мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда.
Хўш, бозорлардаги савдо-сотиқ ва нарх-наво билан боғлиқ асл вазият қандай?
Бунга амин бўлиш мақсадида Тошкентдаги йирик “Эски жўва деҳқон бозори” ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги “Экобозор” мажмуасида бўлиб, ҳақиқий вазият билан танишилди.
Бироқ, “Эски Жўва деҳқон бозори”да ижтимоий тармоқларда тарқалган ваҳима қадар гавжум вазият кузатилмади. Харидорлар кайфиятида ҳам саросима йўқ, ҳамма бамайлихотир, одатдагидек эҳтиёжидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишмоқда. Бозордаги ҳар 10 та харидордан 1-2 тасининг тиббий ниқоб билан ҳимояланганини кўриш мумкин.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ўз расталарида тартиб билан териб қўйилган. Аммо сабзавотлар расталари бозорнинг атиги икки қаторида ва ердаги ёйма қисмларида учрайди холос, уларнинг нархи эса қуйидагича:
Ёғ маҳсулоти 12000 -13 000 сўм, пиёз 2000-2500-3000-сўмгача, картошка 3000-3800, 4000 сўмдан 4500 сўмгача, сабзи 1800-2500 сўмни ташкил этади.
Баъзи ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши курашишда саримсоқпиёзнинг яхши самара бериши ҳақида маълумот берилгандек бўлди. Шу сабаб эҳтимол, ушбу маҳсулотнинг 1 кг нархи 60000 сўм, 1 донаси эса 5000-6000 сўмга чиққан.
Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб бўлгач, харидорлар, исириқ сотиб олишни ҳам унутаётганлари йўқ.
Ўрам шаклида сотилаётган исириқнинг бозори чаққон, 1 та кичик қопча исириқнинг нархи 5000 сўм, бир боғи эса 7000 сўмдан сотилмоқда.
“Эски жўва деҳқон бозори”да озиқ-овқат маҳсулотларининг сунъий равишда кўтарилмаслиги устидан ким назорат қилмоқда ёки доимий нархларда мувозанатнинг сақланиши юзасидан қандай чоралар олиб борилмоқда? Ушбу савол билан бозор маъмуриятига мурожаат қилинди.
Исмини ошкор этишни истамаган бозор маъмурияти ходимига кўра, нарх-навонинг сунъий равишда оширганлик жавобгарликка тортилишига асос бўлиши юзасидан маъмурият ҳам, бозордаги барча сотувчилар ҳам бирдек хабардор.
Сектор мудирлари бор, нарх-навони назорат қилиб турадиган... кўпчилик картошкани ўзи ташиб келади. Биз бозор номидан арзон ярмаркалар ташкиллаштирдик, харидорларнинг сотиб олишга қурби етиши учун. Имкон даражасида сотувчиларга картошка нархини 2,500 дан сотинглар дея тайинлаяпмиз. Масалан, ўтган кеча тунги 12:00 да бозордаги барча сотувчиларни тўплаб, уларга нарх-наво сунъий оширилмасин, дея қатиқ тайинланди. Аммо бозорда 3000 дан зиёд сотувчи бўлса, ҳар куни уларнинг бошида туриб кузатишнинг имкони йўқ. Шунга қарамай, ҳафтада икки уч маротаба департамент ва солиқ ходимлари нарх-наво билан боғлиқ ҳолатни кузатиб турибди,– дейди маъмурият ходими.
Шунингдек, бозор маъмурияти ходимига кўра, айни кундаги эпедемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда санитар чоралар кўрилиб, ҳафтада бир маротаба бозорларга киравериш йўлаклар, зиналар дезинфекция қилинмоқда.
Кузатувни шу қисмида якунлаб, тахминан соат 17:00 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги “Экобозор” мажмуасида йўл олдик.
Бозорга кираверишда чап қўлдаги дорихонада очиқчасига тиббий ниқоб йўқ дея ёзиб қўйилган. Сотувчи қизлар ниқоблар тугагани, эртага яна келтирилишини айтишди...
Шаҳарнинг қатор дорихоналарида тиббий ниқоб танқислиги ҳолати кузатилаётганлигини инобатга олсак, серқатнов ва гавжум, аммо кичик бозор мажмуасидаги дорихонада тиббий ниқобнинг йўқлигини тушунса бўлади.
Нарх-наво билан боғлиқ ҳолатга келсак, гўшт, ун, макарон, ёғ, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўзгармаган, расталарда тухумнинг нархи 650-700-800 ва 900 сўм, картошка 3500-4000 сўм, сабзи 3000-3500 сўм, гуруч 4000-4500 сўм, помидор 3000 сўмдан сотилмоқда.
“Экобозор” мажмуаси раҳбари ўринбосари Баҳодир Каримовнинг айтишича, нархлар Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси ҳамда бозор мажмуаси раҳбари ўринбосари томонидан назоратга олинган.
Шунингдек, бозордаги санитар ҳолатга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Нафақат харидорлар, балки сотувчилар соғлигини сақлаш мақсадида ходимлар кунига икки маротаба бозор ичкарисини дизинфекциялаш чораларини кўришмоқда.
Бундан ташқари корзинка аравачалари ҳар куни ҳар соатда спиртли аралашмалар билан зарарсизлантирилиб, эшикдан кираверишдаги гиламлар хлорли эритма билан артилмоқда.