ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Эпидемия тарқалишининг олдини олиш ва уни бартараф этиш мақсадида жамоат жойларида дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Санитария-Эпидемиология осойишталиги агентлиги директори Баҳром Алматов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Баҳром Алматовга кўра, Ўзбекистонда 100 дан ортиқ дезинфекцияловчи воситаларининг рўйхати аниқланган ва ишлатишга рухсат берилган. Бундан фойдаланган ҳолда жамоат жойларида, хусусан автотранспортлар, йўналишлар охири ва бозорларда одамлар камайгач, дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.
— Вируснинг ташқи муҳитда яшовчанлиги эса жуда ҳам паст бўлади. Профилактик мақсадда амалга ошириладиган тадбирлар самарасига келсак, биринчи навбатда беморни уй шароитида, хонадонларда ўтказиладиган дезинфекция шароитида даволашнинг самараси юқори, дейди, – мутахассис.
Яна таъкидланишича, болалар бу касалликка деярли учрамайди, одатда у катталарда бўлади. Лекин, ҳар қандай шамоллаш белгилари бўлганда, шифокорга мурожаат этилиши керак. (Болалар вирус ташувчиси бўлиши мумкин - таҳр.)
Маълумот учун, шу вақтга қадар 8 мингга яқин киши карантин режимида бўлган. Улардан 5700 га яқинига уйга рухсат берилган. Карантиндаги фуқаролар учун эса ҳамма имкониятлар қилиб берилган.