ТОШКЕНТ, 15 мар - Sputnik. 16 март санасидан икки ҳафта муддатга эълон қилинган карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима яратадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтиришга бағишланган шошилинч йиғилишда хабар қилинди.
Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади.
Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат қилиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ сайллари, оммавий маросимлар, жумладан улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча бекор қилиниши ҳақида хабар қилган эдик.
Шунингдек, Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилиши ҳақида эълон қилинган эди.
Ўзбекистонликлар коронавирус бўйича барча саволларга 1003 рақами орқали жавоб олишлари мумкин.