ТИВ Қозоғистондаги фуқароларга мурожаат қилди

Қозоғистонда коронавирус пандемияси муносабати билан 16 март соат 8:00 дан 15 апрель соат 7:00 гача мамлакат президентининг фармони билан мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга ташриф буюрмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.

Мамлакатнинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, COVID-19 коронавирусининг пандемияси муносабати билан 2020-йил 16-март соат 8:00 дан 15 апрель соат 7:00 гача Қозоғистон президентининг фармони билан мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Хусусан, фармонда барча транспорт воситалари орқали Қозоғистон ҳудудига кириш, шунингдек, унинг ҳудудидан чиқишга чекловлар белгиланган.

Қозоғистонда коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди

Қозоғистон ва хорижий давлатлар дипломатик хизмати ходимлари, халқаро ташкилотлар делегациялари аъзолари бундан мустасно.

Ҳужжатга кўра йирик савдо обектлари фаолияти чекланади, савдо-кўнгилочар марказлар, кинотеатрлар, театрлар, кўргазмалар ва бошқа омавий тўпланиш обектлари вақтинча тўхтатилади, томоша, спорт ва бошқа оммавий тадбирларни, шунингдек оилавий ва хотира тадбирларини ўтказиш тақиқланади.

Ўзбекистон ТИВ ватандошларга вақтинча, шу жумладан транзит орқали Қозоғистонга бормасликни тавсия қилади ва Қозоғистонда бўлиб турган фуқаролар зарур ҳолларда мамлакатнинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қостанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10 (Telegram, Whatsapp, Imo); Ақтау шаҳридаги бош консулхонага (Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизил-Ўрда вилоятлари, тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.