ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. 9-11 март кунлари Бухоро вилоятидаги тунги клуб, кафе бар, ресторан, чилимхона ва бошқа кўнгилочар жойларда тунги рейдлар ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Рейдлар Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек, вилоятнинг барча туманлари ҳудудида Бухоро вилояти ИИБ, Миллий гвардия, Маҳалла, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Таъкидланишича, тадбирдан кўзланган асосий мақсад тунги вақтларда содир этиладиган оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш, айниқса тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларга йўл қўймасликдан иборат бўлган.
Олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида жами 330 нафар шахслар ички ишлар бўлимларига олиб келинган. Уларнинг 100 дан ортиғини қиз болалар ташкил қилган.
Тунги кўнгилочар жойларда юрган ёш ўғил-қизлар билан Ёшлар иттиқофи ва психолог ходимлар томонидан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, оилавий яшаш шароитлари, нима сабабдан бемаҳалда (тунги соатларда) бундай жойларда юрганликлари ўрганилди.
Тунги клуб ва бошқа кўнгилочар жойлар эгалари ҳамда масъулларига вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик, тунги вақтларда вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз бўлишларига йўл қўймаслик тўғрисида тушунтирилиб, огоҳлантириш ишлари олиб борилди.
Ўтказилган тадбирлар давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-2-моддасида кўрсатилган 4 та (вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш) ҳуқуқбузарлик ҳамда 5 та фоҳишалик билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланди.