Қозоғистон коронавирус туфайли оммавий тадбирларни бекор қилмоқда

Ҳукумат махсус профилактика чораларини амалга оширишга киришди. Шу боис оммавий тадбирлар бекор қилинади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 мар – Sputnik. Қозоғистонда оммавий тадбирлар коронавирус туфайли бекор қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Касим-Жомарт Токаев Twitter᾽даги саҳифасида маълум қилди.

“ЖССТ коронавирус пандемиясини эълон қилди. Ҳукумат махсус профилактика чораларини амалга оширишга киришди. Оммавий тадбирлар бекор қилинади. Озиқ-овқат ва биринчи эҳтиёж учун зарур бўлган товарлар билан таъминлашда узилишлар бўлмайди. Кичик ва ўрта бизнес зарар кўришининг олдини олиш муҳим”, — деб ёзган Токаев.

Токаев “асосийси — фуқаролар саломатлиги” эканини айтиб, “бирга барчасини енгамиз” дея қўшимча қилган.

Аввалроқ Москвада коронавирус тарқалиши хавфи туфайли 10 апрелга қадар 5 мингдан зиёд киши иштирок этадиган оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланган эди.

Тожикистон пойтахтида коронавирус туфайли Наврўз байрамини нишонлаш бекор қилинди.

Ўзбекистонга нега коронавируснинг тиши ўтмаяпти ёхуд сирли вирус ҳақида билмаганларингиз

Ўзбекистон ҳукумати ҳам юзага келган вазият сабаб айрим тадбирларни кейинга қолдирди ва бир неча хорижга сафар тадбирлар жадвалини қайта кўриб чиқди.

Шавкат Мирзиёев 11 март куни мамлакатда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ҳозирда жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши мамлакат аҳолисини ҳам маълум маънода хавотирга солаётгани таъкидланди.

Мирзиёев ушбу хасталикнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш аввало мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этишини қайд этди.

Шу муносабат билан, президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бу борада кўрилаётган карантин ва профилактика чоралари бўйича қўшимча топшириқлар берди.

Ўзбекистонда Наврўз байрамини нишонлаш тадбирини бекор қилиш миллий даражада муҳокама қилинганича йўқ. Мамлакатда янги коронавирус COVID-19 билан касалланишнинг бирорта ҳам ҳолати қайд этилмаган. Барча ўқув муассасаларида профилактик тушунтириш, инфекциянинг олдини олишга қаратилган қатъий чоралар кўрилмоқда.