Россия ЕОИИ ва Эронга коронавирус тест-тизимларини етказиб берди

Covid-19 вирусига қарши курашда Россия Эронга яқиндан ёрдам беришга қарор қилди. Бу ҳақида Эрон ҳукумати мурожаатидан сўнг Владимир Путин шахсан ваъда берган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 мар - Sputnik. Россия олимлари томонидан ишлаб чиқилган коронавирус тест-тизимларини 10дан ортиқ яқин хорижий мамлакатларга топширди. Бу ҳақида Роспотребнадзор хабар қилмоқда.

“Коронавирусни лабораторияда аниқлаш тест-тизимлари Евроосиё Иқтисодий иттифоқи, Монголия, Хитой, Эрон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга етказиб берилди”, - дейлиган расмий хабарда.

Муассаса хабарига кўра, Новосибирскда жойлашган “Вектор” илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан яратилган ускуналар, коронавирус эпидемиясига қарши кураш учун ёрдам сифатида етказиб берилган.

Маҳаллий ОАВлар хабарига кўра, Новосибирсда ишлаб чиқилган янги тест тизимлари корнавирусни 2 соат ичида аниқлаш имконини беради. Бу бошқа диагностика воситаларига қараганда жуда тез. Бугунги кунда дунёда мавжуд бошқа тест тизимлари коронавирусни аниқлаш учун бир неча кунгача вақт сарфлайди. 

Россия тест тизимлари Арманистон ва Беларусда бўлиб ўтган синовларда ўзини жуда яхши кўрсатган. 

Эронга яқиндан ёрдам берамиз

Роспотребнадзор Эронга коронавирусни аниқловчи 500та тест-тизими етказиб берган. Ушбу восита ёрдамида 50 000 та анализ ўтказиш мумкин. 

Яқин вақт ичида Россия Эронга тиббий маскалар, махсус ҳимоя халатлари жўнатишни бошлайди. Бу ҳақида Россия президенти Владимир Путин, Эрон ҳукумати ёрдам сўраганидан сўнг, шахсан ваъда берган.

Эронда айни дамда эпидемиологик вазият жуда жиддий. 11 март ҳолатига 9 мингдан ортиқ одамга коронавирус юққан. Улар орасида мамлакат вице-президенти ва икки нафар вазирлар маҳкамаси вакили бор. Шунингдек 354 киши қурбон бўлган.