Ўзбекистонда болалар 14 ёшдан ота-оналаридан алимент ундиришлари мумкин

Шунингдек, вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига мурожаат беришга ҳақли.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 14 ёшга тўлган бола ота ва онасидан алимент ундириш ҳуқуқига эга бўлди. Бу Ўзбекистон президенти 10 март куни имзолаган 608-сонли қарорида белгилаб қўйилган.

Болалар бошланғич таълимга бепул ва мажбурий ўқитилади

Қонунга мувофиқ, бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан қатор қонунлар ва кодексларга ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Оила кодексига киритилган қўшимчага кўра, оилада боланинг манфаатига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақли.

Бунда қарор қабул қилувчи орган ва мансабдор шахс бола манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилиши керак.

“Шунингдек, ота-она ва бола алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек 14 ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли”, - дейилган ҳужжат матнида.

Шунингдек, вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли.