Орол тубини кўкламзорлаштиришга қаратилган краудфандинг ташаббусига старт берилди

Ташаббус доирасида Орол денгизининг қуриган тубидаги 100 гектар майдонга 100 000 дона саксовул кўчатлари экилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 мар - Sputnik. Жорий йилнинг 11 март куни БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қошидаги Aкселератор лаборатория томонидан краудфандинг ташаббусига старт берилди.

Орол: даҳшатли фожиа ва мафтункор гўзаллик – қизиқарли суратлар

Мазкур ташаббус Греен Aрал Сеа – Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштиришга қаратилган. Бу ҳақда Ўрмон Хўжалиги Давлат қўмитаси ахборот хизмати маълум қилмоқда. 

Ташаббус доирасида Орол денгизининг қуриган тубидаги 100 гектар майдонга 100 000 дона саксовул кўчатлари экилади, Орол фожиасининг оқибатларини бартараф этиш ва ҳудудда яшовчи аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ҳисса қўшилади.

Келажакда қуриган денгиз тубида яшил ўрмон қопламаси ҳудудининг кенгайиши, биохилмахилликнинг ортиши, турмуш шароитларнинг яхшиланиши ва барқарор даромад олиш учун янги манбалар яратилиши кўзда тутилган.  

“Aфсуски, биз денгизга сувни қайтариб фожиани орқага қайтара олмаймиз. Лекин биз қилишимиз мумкин бўлган иш, бу одамларда келажак учун умид яратишдир. Биз бутун дунё бўйлаб ушбу фожиа ҳақида хабардорликни оширган ҳолда глобал ҳамжамият ёрдами билан заҳарли қумлар макони бўлган чўлни саксовул дарахтларининг яшил ўрмони билан қоплашимиз мумкин,” – деб таъкидлайди Aкселератор лаборатория мутахассиси Фарида Aҳматий.

Орол денгизи ўз вақтида катталиги бўйича дунёда тўртинчи кўл бўлган. Охирги ўн йилликларда денгиз ўз ҳажмининг 90% ини йўқотиб Оролқум денгизига айланиб қолган. Фалокат маҳаллий аҳолининг соғлиғи, иқтисодий ҳолати ва ҳудуддаги биохилмаҳилликка фожиавий таъсир кўрсатган.