Ўзбекистонликлар карантинни бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилди

10 март куни республикада янги COVID-19 коронавирусини юқтириш ҳолатлари қайд этилмаган. Мамлакатга касалликнинг кириб келишини олдига қаратилган қатъий чора кўрилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 мар - Sputnik. Коронавирус туфайли эпидемиологик жиҳатдан ноқулай давлатларга ташриф буюрганидан кейин Ўзбекистонда карантин режимига риоя қилиш талабларининг бузилиши саккиз йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Бу ҳақда ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хабар қилди.

Таъкидланишича, коронавирус тарқалиши хавфи туфайли республикада келганлар учун карантин ва кузатув шароитлари бир нечта тоифаларга бўлинган.

“Карантин остидаги шахслар режимни бузган тақдирда, қуйидаги жавобгарлик назарда тутилган: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш” моддаси”, - дейилади хабарда. РИА Новости ундан иқтибос келтирган. Ушбу моддада саккиз йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Агентлик ушбу жазо чораси  “1а” тоифасидаги махсус ёпиқ хоналарда (Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Италия, Афғонистон, Япониядан келганлар) 14 кунлик карантин қоидаларни ва “1б тоифасидаги карантин (Франция, АҚШ, Германия, Сингапур, Испания, Тайвандан келганлар) 14 кунлик уй шароитида қоидаларни бузган тақдирда қўллаш мумкинлигига ойдинлик киритган.

Сеулдан Тошкентга келган йўловчилар карантинга олинди

Таиланд, Озарбайжон, Буюк Британия, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони (2-тоифа)га ташриф буюрган Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойида икки ҳафталик тиббий кўрикдан ўтадилар. Коронавирус қайд этилган бошқа мамлакатлардан келган одамлар тоифаси учун соғлиғи ҳолатини масофадан туриб назорат қилиш (телефон қўнғироқлари) ўтказилади, дея қўшимча қилган агентлик.

10 март куни эрталаб ҳолатига республикада COVID-19 инфекцияси ҳолатлари қайд этилмаган.  6,3 мингдан ортиқ киши текширишдан  ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Хитой ҳукумати 2019 йил 31 декабр куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) мамлакатнинг марказий қисмидаги (Хубэй провинцияси) Ухань шаҳрида келиб чиқиши номаълум пневмония касаллиги ҳақида хабар берган эди. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчисини аниқладилар - бу янги коронавирус. ЖССТ ушбу касалликни халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат деб тан олди ва ушбу касалликка расмий COVID-19 номини берди.

Дунёда 104 мингдан ортиқ одам янги коронавирусни юқтирган, тўрт мингга яқин бемор ҳаётдан кўз юмган, 60 мингдан ортиғи тузалиб кетган.