Коронавирус сабабли Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган юридик форум қолдирилди

Тошкентда апрел ойида ўтказилиши режалаштирилган “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми қолдирилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 мар – Sputnik. 23-25 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми кейинга қолдирилди.

Хитойга COVID-19 четдан олиб кирилмоқда

Бундай қарор форум қатнашчилари, шу жумладан хорижий меҳмонлар ва фуқаролар орасида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.

Ташкилий қўмита илгари рўйхатдан ўтган шахсларни Форум қолдирилгани ҳақида хабардор қилиш бўйича ишларни ташкиллаштиради, шунингдек, Форумнинг ўтказиладиган аниқ саналарини қўшимча равишда кейинроқ эълон қилади.

“Форумнинг кейинга қолдирилиши илгари эълон қилинган “Энг яхши юридик хизмат”, “Энг яхши адвокатлик тузилмаси” республика танловлари ўтказилишига таъсир кўрсатмайди”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, икки кун аввал Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари вақтинча тўхтатилганини маълум қилганди.