Жаҳон бозорлари қулаши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади - Қўчқоров

Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоровнинг фикрларига кўра, нефть нархининг тушиши оқибатида газ нархининг пасайиши ва айрим мамлакатлар миллий валютасининг девальвацияси Ўзбекистон экспорт тушумларига салбий таъсир кўрсатади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги охирги ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини ўрганиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоровнинг фикрларига кўра, нефть нархининг тушиши оқибатида газ нархининг пасайиши ва айрим мамлакатлар миллий валютасининг девальвацияси Ўзбекистон экспорт тушумларига салбий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, нефть ва газ нархи пасайишининг ички бозорга ижобий таъсири ҳам ўрганиб чиқилиши айтилган.

“Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятнинг сўмнинг алмашув курсига таъсирини ҳозирча нейтрал деб баҳолаймиз”, - деди вазир.

Таъкидланишича, газ нархи пасайиши сабабли Давлат бюджети даромадларининг йўқотишлари олтин нархининг юқори эканлиги ҳисобига тўлиқ қопланади. Умуман олганда, Давлат бюджети барча мажбуриятларини тўлиқ таъминлаш имконига эгадир.

Рақамли иқтисод нима  – Жамшид Қўчқоров жавоб беради

Вазир Ўзбекистон ҳукумати ҳамкор давлатларнинг макроиқтисиодий барқарорликни таъминлаш бўйича эълон қилган режаларини ижобий баҳолашини билдирган. 

Шунингдек, халқаро молия ва товарлар бозорларида юзага келган қалтис вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирининг кўлами биринчи навбатда ушбу тебранишларнинг қанчалик узоқ муддат давом этишига боғлиқлиги айтилган.

Қўшимча қилинишича, жорий йилнинг 13 март куни Москва шаҳрида МДҲ давлатлари иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ушбу масалани ташқи савдо бўйича асосий ҳамкор давлатлар вакиллари билан яна бир бор муҳокама қилинади.

Юзага келган вазиятнинг Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсирини минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга киришилган. Шу мақсадда учта идора вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳи ва тегишли идоралар жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб борадилар ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумот бериб турадилар.

Эслатиб ўтамиз, 9 март куни дунёда нефть нархи тушиб кетди. Шунингдек, молия бозорларида фонд биржаларининг қулаши ва рублнинг арзонлашиши кузатилди.