ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Дўстлик” ордени соҳибаси, таниқли рассом — Нодира Орипованинг ижодий намуналари жамланган “Афросиёб маликалари” номли кўргазмаси бўлиб ўтди.
Унда тасвирий санъат ихлосмандлари қаторида рассомнинг яқинлари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, устози, Ўзбекистон бадиий академияси аъзоси академик рассом — Янис Салпенкиди, рассомлардан Иброҳим Валиходжаев, Миртоза Эргашев, Ўзбекистон бадиий академияси, бадиий кенгаши аъзоси санъатшунос Людмила Кодзаева, санъатшунос Асқарали Сулаймонов ҳамда ОАВ ходимлари ташриф буюришди.
Нодира Орипованинг шахсий кўргазмасидан ўрин олган серқирра мойбўёқ техникасида ишланган рангтасвир 50 та сара асарлар залнинг асосий қисмини тўлиқ эгаллади. Рассом ижодининг аввалроқ яратган бир неча суратларини айтмаганда, кўргазмадан унинг асосан охирги уч йил давомида яратган янги асарлари ўрин олди.
Улар орасида рангтасвирнинг натюморт жанрида ишланган анорлар ва гуллар, пейзаж жанрида ишланган манзаралар, портрет жанрларида ишланган аёллар тимсоли ва улар характери бир неча картиналарда турли руҳда акс эттирилган бўлиб, бир-бирини мутлақо такрорламайди.
Мусаввир кўргазманинг нега айнан “Аросиёб маликалари” дея номланганлиги юзасидан тўхталаркан, шундай дейди:
- Кўргазманинг “Афросиёб маликалари” дея номланишининг сабаби оддий, ўзим асосан Афросиёб деворий суратлари, қолаверса, шарқ миниатюраларидан илҳомланишимдадир. Уларга агар диққат билан назар ташласангиз, аёллар тимсоли ҳурмат билан, чиройли либослар ва тақинчоқлар билан тасвирланади. Бундан шарқда қадимданоқ аёлларга юксак ҳурмат билан қаралганлигини сезаман. Айнан шу анъанани эса ўз ижодимда акс эттиришга уриндим, - дейди рассом.
Унинг фикрича, “Афросиёб гўзаллари” акс этган қадимий суратларнинг руҳи жуда баланд бўлиб, у томошабин руҳиятига кучли таъсир қилади.
- Мендан олдин ҳам Афросиёб гўзалларини чизган бир икки рассомлар бўлган. Масалан, рассом Александр Тюриннинг қайсидир асарида қисман бу ифодаланганлиги ёки бошқа бир рассомларнинг оқ-қора графика чизгилари ишида ҳам кўрган бўлишим мумкин, аммо ўзимга келсак, Афросиёб гўзаллари характери, улар ички дунёсини тўлиқроқ, турли ранглар орқали очиб беришга ҳаракат қилдим, – дейди яна у.
Унинг яна айтишича, рассом ўзига илҳом бағишлайдиган қадимий “Афросиёб гўзаллари” ифодаланган деворий чизгиларини ўтмишда аёл киши чизган деб ўйлайди. Шу боис ушбу ўйларини Афросиёбнинг битта гўзали тимсолида акс эттиришга уринган.
Рассомнинг асарлари кўргазмаси Ўзбекистон Бадиий академиясида иккинчи бор ўтказилиб, бу галгиси 8-март Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ўзбек аёлларига туҳфа сифатида ташкил этилди.
Бугунгача унинг картиналари Хитой, Корея Туркия, Франция, Германия, Белгия давлатларида ташкил этилган кўргазмаларда иштирок этган.
Рассомнинг кўргазмага ташриф буюрган турмуш ўртоғи оддий томошабин сифатида ўз тассуротларин шундай ифодалади:
- Ижодкор Нодира Орипованинг суратларида миллийлик ва замонавийлик руҳининг уйғунлигини кўриш мумкин. Унинг ҳар бир чизилган асарларининг яратилиш тарихи ҳақида хабардор бўлганлигим боис, айтишим мумкинки, бу жуда мураккаб ижодий жараён бўлди ва шу жараённи Нодирахон сабр билан босиб ўта олди. Бошқа рассомларнинг ижодига аҳамият берсак, улар ижодида кўп ҳам аёллар тарихи ҳақида гапиручи суратлар учрамайди. Нодирахон ишлаган картиналарнинг қизиқ жиҳати шундаки, у илк маротаба кўриб турган томшабин учун ҳам тушунарли ва содда тарзда ифода этилган.
Қолаверса, ўзи аёл бўлганлиги учун, суратларида ҳам аёллар образига кўпроқ тўхталиб, улар характери ва сирларини очиб беришга ҳаракат қилган, – дейди Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг тасвирий санъат кафедраси мудири, доцент Зиёдулла Бобомуродов.
- Нодира опамни нафақат рассом сифатида балки типик ўзбек аёли сифатида анчадан бери танийман. Албатта, рассомлар ҳақида гапирганда улар ифодалаган ранглар ёки мавзулар ҳақида гапирамиз. Масалан, менга ёққан мана бу картинасига келсак, унда шарқ аёлининг характери, ички дунёси ва кечинмалари акс этиб турибди. Кўриб турганингиздек, қўлини дуога очиб, Яратгандан фарзандининг соғ-саломат туғилишини сўраб ният қилаётган ўзбек аёлининг тимсоли... Рассом аёлнинг айни дамдаги руҳияти ва қилаётган ниятларини соф кўк рангда, у акс этиб турган муҳит фонидаги ранг билан чамбарчас ифодалашга ҳаракат қилган. Билмадим, балки мен бу картинани шунақа кўраётгандирман, аммо картиналар мазмуни ва унинг ифодасини ҳар бир томошабин ўзича қабул қилади.
Ёки мана бу аёл сурати фонидаги тарихий обидаларни қаранг, ҳаммаси жой-жойида ифодаланган аммо тугалланмаган. Жумладан, суратлардаги бу узилишларда ҳам маъно бор.
Шундай бўлгани ҳам маъқул, сабаби девордаги ғиштлар кўриниши, айна мана шу етишмовчилик композицион яхлитликни ташкил қилмоқда. Шу билан биз зерикмаймиз, дея таҳлил қилади. Айтиш мумкинки, агар бу ифодаларни рассом тўлиқ ишлаганида, биз мана бу биноларни ҳозир кўриб турмаган бўлардик, – дея таҳлил қилди Ўзбекистон бадиий академияси рассомлар уюшмаси аъзоси, меъмор ва рассом Шавкат Музаффар.
Нодира Орипова Самарқанднинг Каттақўрғон туманида туғилиб, ўсган. Ватанига бўлган соф меҳри ва илиқ туйғулари сабаб эҳтимол, айрим асарлари фонида афсонавий шаҳар — Самарқанднинг аксини кўриш мумкин.
Айрим гўзалларнинг либосларида турли тақинчоқлар, зебигардонлар, хилма-хил рангдаги шода ва маржонларнинг табиий доналаридан фойдаланилган бўлса, айрим гўзалларнинг ялтироқ либослари заррин товланиб, матонинг жонлилигини таъминлаб турибди. Бу табиий гўзаллик эса томошабинда қизиқиш уйғотиб, маданий ҳордиқ ва эстетик завқ бағишлайди.