Ўзбекистон келажакда Airbus Helicopters компаниясидан 25 та вертолёт сотиб олиши мумкин

Вертолёт ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланган Airbus Helicopters Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Airbus Helicopters Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси хабар қилди.

Таклиф компаниянинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари раҳбари Ральф Вебернинг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билан кечган учрашувида билдирилган.

Учрашув давомида томонлар 19-20 февраль кунлари Тошкентда ўтказилган “Uzbekistan Airports, Aviation & Logistics Forum” I Халқаро авиация форуми доирасида Ўзбекистонда вертолёт ташувларини ривожлантиришга оид эришилган келишувларни амалга ошириш йўлини муҳокама қилишди.

Ўзбекистон янги вертолётлар сотиб олишни режалаштирмоқда

Вертолётлардан нафақат қутқарув ва тиббиёт мақсадларида, балки турли экскурсиялар, экстремал туризм турлари, қояга чиқиш, спортнинг тоғ-чанғи турлари кабиларни ташкил қилишда ҳам фойдаланиш эҳтиёж мавжудлиги таъкидланди.

Ральф Вебер Airbus Helicopters компаниясининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг вертолёт парки билан таъминланганига оид халқаро тажрибага мувофиқ 800-1 000 000 кишига ўртача 1 вертолёт тўғри келишини инобатга олганда, Ўзбекистоннинг ушбу ҳаво транспортига эҳтиёжини қондириш учун 25-30 вертолёт керак бўлади.

Учрашув якунига кўра, томонлар вертолётлар ташуви, учувчи, механик, технологлар ва бошқа персонални тайёрлаш, семинар ва тренинглар ташкил қилиш орқали Ўзбекистоннинг хусусий бизнес вакилларини фаол жалб қилиш бўйича қўшма комплекс лойиҳани ишлаб чиқишга келишиб олишди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Транспорт вазири Элёр Ғаниев туризм соҳасини ривожлантириш, бизнес хизматларини кўрсатиш - тоғли ҳудудларда жойлашган диққатга сазовор жойларига экскурсиялар ташкил қилиш мақсадида янги ғарб вертолётларини сотиб олиш режалари мавжудлиги баён қилган эди.

Маълумот учун: Airbus Helicopters (собиқ Eurocopter Group) — Франция-Германия компанияси, дунёдаги энг етакчи вертолёт ишлаб чиқарувчиларидан бири. Airbus Group концернининг шўъба корхонаси. Компания даромади 2018 йилда 6,007 миллиард еврога ошди.