Фарғонада 18 абитуриентнинг ўқишга киришида ёрдам берган проректор жинояти фош этилди

Проректор комиссиянинг бошқа аъзолари билан 18 нафар абитуриентларнинг имтиҳон натижаларини сунъий равишда ошириб кўрсатган. Натижада улар ўқишга кирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Фарғона Давлат университетида кириш имтиҳонлари натижалари сохталаштирилган проректор кирдикорлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар қилди.

Коллеждан магистратурагача порахўрлик авж олган - Бош прокуратура

Терговда аниқланишича, ушбу олийгоҳ проректори А.А. 2019-2020 ўқув йили учун “Жисмоний маданият” имтиҳон комиссиясининг масъул котиби этиб тайинланган. 2019 йил июль ойида ўтказилган “Жисмоний маданият” факультетига кириш имтиҳонлари жараёнида комиссиянинг бошқа аъзолари билан жами 18 нафар абитуриентларнинг имтиҳон натижаларини сунъий равишда ошириб кўрсатган.

Натижада ушбу абитуриентлар олий таълим муассасига ўқишга қабул қилинган.

Таъкидланишича, Фарғона прокуратураси томонидан университет проректорига нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди (Мансаб сохтакорлиги) билан айб эълон қилинган.