Ўзбекистонда 2020 йилда Volkswagen Caddy автомобили ишлаб чиқарилади

“Ўзавтосаноат” ва “Фольксваген Груп Рус” келишуви доирасида “Жиззах” ЭИЗда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этилади. Биринчи модель Volkswagen Caddy бўлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. “Ўзавтосаноат”  ва “Фольксваген Груп Рус” келишув имзоладилар. Унинг доирасида “Жиззах” ЭИЗда “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этилади. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” матбуот хизмати хабар қилди.

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 000 дона автомобилга тенг бўлади.

Завод Volkswagen концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат туркуми бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

Ўзбекистонда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилади

“Фольксваген Груп Рус” янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, шунингдек, ходимларни ўқитишни амалга оширади. Завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади.

Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.

“Ўзбекистон автомобиль бозори жўшқин ривожланмоқда ва барча сегментларда катта ўсиш салоҳиятига эга. Ҳам концернимиз маҳсулоти, ҳам дилерлик марказларидаги юксак хизмат кўрсатиш даражаси ўзбек истеъмолчилари томонидан муносиб баҳоланишига аминмиз”, - деди Фольксваген Груп Рус” бош директори Маркус Озегович

Битим доирасида томонлар ҳамкорликни 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлашга келишиб олдилар, у иккита модификацияда таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 о.к. ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель  билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 км.га 9,3 л., трассада – 100 км.га 6,1 л.га тўғри келади.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида келажакда Volkswagen Group концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Sputnik Ўзбекистонда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар қилган эди.

“Фольксваген Груп Рус”

“ФОЛЬКСВАГЕН Груп Рус” Volkswagen AG концернининг шўъба корхонаси бўлиб, Россия бозорида концерннинг еттита русуми фаолиятини бирлаштириб туради: Volkswagen — енгил автомобиллар, Audi, ŠKODA, Bentley, Lamborghini, Ducati ва Volkswagen Тижорат автомобиллар. 2019 йилда  “ФОЛЬКСВАГЕН Груп Рус”нинг Россия бозоридаги сотувлар ҳажми 233 600 дона автомобиль бўлган.