Бишкек шошилинч тиббий ёрдам маркази жонлаштириш бўлими бошлиғи Егор Борисов беморларнинг тез-тез ҳужумлар қилишлари туфайли тез тиббий ёрдам шифокорлари ўз ишларидан бўшаб кетишаётганликларини маълум қилди.
Унинг фикрича, бундай ҳолатлар кадрлар этишмаслигини янада кучайтиради.
“Менинг фикримча, бизнинг жамиятимиз муаммоларини акс эттирадиган ҳолат шундаки, туни билан спиртли ичимлик ичиб эрталаб ишга кетиш учун ўзларини тартибга солмоқчи бўлган қизларнинг чақирувига аёл-врач келгани. Улар шифокордан уларга томиридан томчи дори қуйилишини талаб қилишди. Врач эса ўз навбатида бу тез тиббий ёрдам хизмати маъсулиятига кирмаслигини тушунтирди, чунки уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун ҳеч қандай хавф йўқ. Уларга бу ёқмаган ва уч қиз ёши ўзидан икки баравар катта шифокорни дўппослашди. Шифокор мўъжизавий тарзда хонадондан чиқиб кетишга муваффақ бўлди, қўшнилар уни уйларида яширишди ва милицияни чақиришди”, - дея ҳикоя қилди Борисов Sputnik радиоси эфирида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам бу муаммо ҳануз долзарбдир. Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг турли жойларида шифокорларга ҳужум қилиш, уларни дўппослаш ҳоллари тез-тез учраб турибди. Масалан, яқинда Фарғонада жанжалкаш она-бола дўппослаган ҳамшира оғир аҳволда шифохонага ётқизилган эди. Натижада ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.