Биринчи апрелдан Тошкентдан уй сотиб олишга прописка талаб қилинмайди

Ўзбекистонда 2020 йил 1 апрелдан фуқаролар Тошкент ва Тошкент вилоятида доимий пропискасиз уй сотиб олишлари мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 2020 йил 1 апрелдан Тошкент ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк харид қилишда мамлакат фуқароларидан доимий прописка талаб қилинмайди. Бу президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонда белгилаб қўйилган.

Икромов: прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш” бирикмаси ишлатилади

Шунингдек, Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк харид қилганлик учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда пропискадан қатъий назар уй олишга рухсат берилиши хабар қилинган эди. Қолаверса, Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов эндиликда мамлакатда прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига "қайд этиш" сўз бирикмаси ишлатилишини маълум қилган эди.