ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Эронда Мувофиқлик кенгаши (Эрон олий раҳбари қошидаги кенгаш органи) аъзоси Муҳаммад Мирмуҳаммадий вафот этди. Бу ҳақда Fars агентлиги хабар қилмоқда.
Ўлимнинг аниқ сабаби айтилмаяпти. Бироқ агентлик аввалроқ амалдор коронавирус юқтириб олганини таъкидлаган. 1 март куни у Теҳрондаги касалхонага ётқизилган.
Мирмуҳаммадий 72 ёшда эди. Ҳаёти давомида у икки маротаба Қум провинциясидан Эрон Мажлисига (парламентига) депутат этиб сайланган.
Эрон Хитойдан ташқарида коронавирус авж олган етакчи давлатлардан бири саналади.
1 март куни Эронда янги коронавирус билан касалланганлар сони 987 кишига етгани хабар қилинди, улардан 54 нафари вафот этган.