Бухоро вилоятининг учта туманида ҳокимлар ўзгарди

Бухоро вилоятининг Олот туманига аёл киши ҳоким этиб тайинланди. Когон ва Қоракўл туманларида ҳам ҳокимлар ўзгарди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Бухоро вилоятининг Когон, Қоракўл ва Олот туманларида ҳокимлар тайинловлари амалга оширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Бухоро вилоятига янги ҳоким тайинланди

Бугунга қадар Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Муҳиддин Эсанов Когон тумани ҳокими вазифасида иш бошлади. Муҳиддин Эсонов 2011—2016 йилларда Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган. Сўнгра маълум муддат Бухоро туманига раҳбарлик қилган эди.

Қоракўл тумани собиқ ҳокими Ҳусниддин Ғойировнинг соғлиғи туфайли туман ҳокими лавозимидан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси қониқтирилган. Унинг ўрнига ҳозирда Олот тумани ҳокими бўлиб ишлаётган Шерали Саломов туман ҳокими лавозимига тайинланди.

“Куннинг муҳим воқеаси Халқ депутатлари Олот туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида содир бўлди. Унга кўра, туман ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаган Наргиза Неъматова эндиликда туман ҳокими вазифасини бажаради”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Карим Камолов Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган эди. Аввалроқ эса Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланган эди.