Литва ва Беларусда ҳам коронавирус топилди

Литвада Италиядан келган фуқаро ҳамда Беларусда эронлик талабада биринчи коронавирус ҳолати аниқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 фев - Sputnik. Коронавирус Европа бўйлаб  жуда тез тарқалмоқда. Бугун Литва  ва Беларусда ҳам коронавирусга чалинган биринчи беморлар аниқланди, деб хабар қилди РИА Новости.

Литвада коронавирусга чалинган биринчи бемор Шяуляе шаҳрида аниқланиб шаҳар касалхонасига жойлаштирилган. Маълум бўлишича у яқинда Италиянинг Верона шаҳридан келган.

Италия ҳозирча Европада коронавирусга чалинганлар энг кўп бўлган давлатдир. Бу ерда 650 киши касаллангани ва 17 киши коронавирусдан қурбон бўлгани аниқланган.

Беларусда эса биринчи коронавирус ҳолати Бокудан учиб келган эронлик талабада аниқланган.

“Республика илмий-амалий эпидемиология ва микробиология марказида ўтказилган текширув натижасида эронлик талабалардан бирида 2019-nCoV вируси борлиги аниқланди” – дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда дунё бўйича коронавирус 29 мамлакатда тарқалган, унга чалинганлар сони 81 минг кишидан ошиб кетди, тузалганлар сони 30 мингга яқинлашган. Вафот этганлар эса 2 801 кишини ташкил қилди. Коронавирус энг кўп тарқалган давлатлар Хитой, Жанубий Корея, Эрон ва Италия.