ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Депутатлар бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Ўктам Барноев номзодини маъқуллади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, 27 февраль куни ўтказилган навбатдаги мажлисда депутатлар Ўзбекистон бош вазири томонидан киритилган бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига номзодни кўриб чиқдилар.
Ушбу лавозимга Бухоро вилояти ҳокими Барноев Ўктам Исоевичнинг номзоди кўрсатилган.
Мажлисда Ҳукумат аъзолигига номзоди кўрсатилган Ўктам Барноев мазкур лавозимга киришганидан сўнг Ҳукумат билан парламент ўртасидаги муносабатлар янада фаол ва самарали бўлишига умид билдирган.
Қонунчилик палатасининг Ўктам Барноевни Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига маъқуллаш ҳақидаги қарори қабул қилинди.