Европада АҚШ раҳбарлигида НАТОнинг Defender 2020 (“Ҳимоячи-2020”) кўп миллатли ҳарбий машқлари олиб борилмоқда. Булар сўнгги 25 йил ичида қитъадаги энг йирик машқлардир. Уларда 37 минг аскар қатнашади, улардан 20 минг нафари америкаликлардир.
М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Жаҳон сиёсати факультети декани, Халқаро ташкилотлар ва жаҳон сиёсий жараёнлари кафедраси мудири Андрей Сидоров “Россия сегодня” ХААда бўлиб ўтган матбуот анжуманида машғулотлар асосий контингенти океан ортидан келаётгани европаликларнинг машқларда қўйилган вазифаларни бажаришга қодир эмаслигидан далолат беради деб таъкидлаб ўтди.
Сиёсатшуноснинг фикрига кўра, бу АҚШ президенти Дональд Трамп учун иттифоқдошлардан биргаликда қабул қилинган режаларнинг нафақат ҳарбий харажатлар доирасида, балки тезкор режалаштириш соҳасида ҳам жанговар тайёргарлигини оширишни талаб қилишга қўшимча туртки бўлади, деб ёзади Sputnik Грузия.
“Бу ерда кўплаб Европа давлатлари жуда жиддий тузоққа тушмоқдалар, чунки агар уларнинг саъй-ҳаракатлари ва жанговар тайёргарлиги етарли эмаслигини англасалар, бунинг учун қўшимча евро билан жавоб беришга мажбур бўладилар”, - деди Сидоров.
Аввалроқ, Глобал хавфсизликни ўрганиш миллий институти илмий кенгаши аъзоси, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг МГИМО қошидаги Ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар марказининг етакчи мутахассиси Владимир Козин бундай кўламдаги машқларни ҳарбий амалиётларга ва ҳатто урушга жиддий тайёргарлик деб ҳисоблаш мумкинлигини айтган эди.
Москва бир неча бор Россия Шимолий Атлантика альянсининг бирон бир мамлакатига ҳужум қилмаслигини таъкидлаган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, НАТО Москванинг бундай режалари йўқлигини яхши билади, аммо шунчаки шу баҳонадан Россия чегаралари яқинида қўшимча техника ва батальонларни жойлаштириш учун фойдаланади.