Янги уйлар нархи ошадими - "Ўзшаҳар қурилиш инвест" изоҳ берди

2019 йилларда қурилган имтиёзли уйлар 2020 йил 1 июлга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган. 2020 йил дастури доирасида қурилаётган уйлар бундан мустасно.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. Уй -жойлар нархлари ошиб кетишининг олдини олиш учун фуқаролардан сотиб олинган квартирани қисқа муддатда ўз номларига  ўтказиб олишлари сўралмоқда.  Бу ҳақда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК ахборот хизмати маълум қилмоқда

2019 йилларда қурилган уйлар банк кредити маблағлари ҳисобига қурилганлиги боис, ҳисобланган фоизлар уй жой нархига қўшиб борилади.Шу боис бир оз аввал уй -жойлар нархлари ошиб кетишининг олдини олиш учун фуқаролардан сотиб олинган квартирани қисқа муддатда ўз номларига  ўтказиб олишлари сўралмоқда.

Агар фуқаролар 1 июнга қадар уй-жойни ўз номларига расмийлаштиришмаса, мазкур фоиз тўловига ҚҚС ҳам қўшилади. Шунингдек, 15 фоиз қўшиладиган ҚҚС миқдори республикадаги барча янги қурилган уйларга таъсир қилади.

"Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК Уй- жойларни расмийлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Лазиз Умаров айтишига қараганда, уй-жойлар ва хонадонлар токи фуқаролар номига нотариал тартибда расмийлаштирилгунга қадар “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИКнинг мулки ҳисобланади.Шу сабаб уларнинг нархига ҚҚС қиймати қўшилади. 

Бугунги кун ҳолатида "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ҳисобида фуқаролар номига расмийлаштирилмаган уйлар сони қуйидагича:

  • 2017 йилда қурилган 7 919 та хонадонлардан 20 таси;
  • 2018 йилда қурилган 16 352 та хонадонлардан 918 таси;
  • 2019 йилда қурилган 17 587 та хонадонлардан 8 468 таси;

Тошкент шаҳрида ҚҚС қўшилганда уйларнинг ҳар бир метр квадратининг нархи ўртача 600 минг сўмга ошади.