ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Навоий кон-металлургия комбинати замонавий компанияга айлантирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев корхонани ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда маълум қилинди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда шу борадаги режа ва чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Навоий кон-металлургия комбинатининг таркибий тузилмасини такомиллаштириш, корпоратив ошкораликни татбиқ этиш, ҳисоб-китобларни халқаро стандартларга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
“2026 йилга қадар корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини 94 тоннага етказиш, бунинг учун 4 миллиард долларлик 40 та лойиҳани амалга ошириш кераклиги таъкидланди. Жумладан, лойиҳа қиймати 525 миллион доллар бўлган янги конни ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, комбинатнинг бугунги кундаги 3,7 минг тонна олтин захираси халқаро стандартлар асосида баҳоланиб, корхона балансида акс эттирилиши зарурлиги белгиланди.
Давлат геология қўмитаси ва Молия вазирлигига захираларни баҳолаш ишлари ҳамда молиявий ҳисоботларни халқаро меъёрларга ўтказиш вазифаси қўйилди. Конлар захираси ва камайиши тўғрисидаги ҳисоботлар, қазиб олиш лойиҳалари бўйича маълумотларни Австралия кодекси (JORC Code) асосида тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинатининг корпоратив еврооблигацияларини чиқариш масаласига тўхталиб ўтилди.