Ўзбекистондаги хусусий мактабларда ташқи қиёфага янги талаблар жорий этилади

Хусусий мактаблар учун ўқувчиларнинг ташқи қиёфаси ва кийимларига янги талабларни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Қарор қабул қилинса, сочларни бўяш, макияж ва пирсинг, ҳижоб ва соқол ўстириш тақиқланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хусусий мактаб ўқувчилари учун янги талаблар санаб ўтилган Вазирлар маҳкамаси қарорини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ташқи кўринишга бўлган талаблар:

  • турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хос бўлган ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юришга йўл қўйилмайди;
  • ўғил болаларга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўялган ҳолда келиши тақиқланди:
  • қиз болаларга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

Форма кийишдаги асосий талаблар:

  • кийимларнинг ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаслиги;
  • қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан 5 – 15 см пастда бўлиши;
  • ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши;
  • оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги;
  • кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши;
  • кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши.

Белгиланишича, ота-оналар билан келишган ҳолда нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик кенгашининг қарори билан таълим олувчилар учун ягона форма намунаси тасдиқланади.

Ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига мактаб формасида келишлари 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мажбурий ҳисобланса, бу хусусий мактаблар учун тавсиявий бўлиши кутилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси 8 мартга қадар муҳокама қилинади.