Эскича услубдаги тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этилади

Мирзиёев эскича услубда қолиб кетган тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этиб, дарс ва амалиётни замон талаблари асосида ўтиш зарурлигини таъкидлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистонда эскича услубдаги тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўтказган соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича навбатдаги йиғилишда айтилди.

“Эскича услубда қолиб кетган тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этиб, дарс ва амалиётни замон талаблари асосида ўтиш зарурлиги таъкидланди”, - дейилган давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда жойлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари бюрократик тузилма бўлиб қолгани, ҳудудий даражада касалликларни таҳлил қилиш бўйича тизимли ишлар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизимини танқид қилди

Давлат раҳбари касалликлар профилактикаси масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бошқарув идоралари ишини айнан шунга йўналтириш лозимлигини таъкидлади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, тўғри овқатланиш ва пиёда юришнинг саломатликка фойдасини тарғиб этиш муҳимлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида соҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, тиббий хизмат сифатини ошириш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, адолат ва рақобатни таъминлаш бўйича ўз мулоҳазаларини баён этган эди.